experience
Fahriyor
fahriyor
…the best way is always through…
Robert Frost

who came up with this word
a word like a bowl
whatever you pour into it mixes together

not finicky as a patient’s appetite
this word

like sin
once brought into this world
god’s creatures have no choice but
to live

experience
the feelings that tie themselves around a person’s heart
in the process of living
are like a noose around his neck who can untie
those feelings
in recompense for all ha has gone through
you’ll never know

experience
fatal as a noose
the shadow of a sentence unpronounced
inevitable execution

everyone carries experience
around his neck
a hangman’s noose

death in not frightening
you just have to go through enough
you just have to endure the thought of it

experience
like a noose
will not be untied in this world

the residue
of past experiences

experience
like the number 13
unbreakable and indivisible into nothing
its
all pervading entirety
cleaves the heart right down the middle
just experience parcels out
equal shares both to life and death

experience
the verdict of the heart

until it is carried out
you will never be free of the sentence
Translated by Rachel Harrell, USA

малол ва мажол
Fahriyor
fahriyor
қушлар учиб ўтди жанубга
қурқурлашиб
видо туркуларин айта
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

юлдузлар тўкилди самога
сўз бўлиб порлади ҳар битта юлдуз
лекин шеър бўлмади
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

сўзларни синдириб
қадрсизлантириб
дарахтлардан тўкди тийрамоҳ
япроқлар қилиб
териб олмадинг
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

хазонлаган
ёмонлаган кузнинг устидан
армонини ёмғир қилиб элади осмон
лойларга қорилди куйгулар
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

тушларингни ёрар туйғулар
ўкинчлар ситами оғир келади
кўнглинг яроларига
малҳам йўқтурур
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

куз ҳам аста-аста қадамини
тортиб борар кунлардан
ортиб борар шеърсизлик юки
малолинг не эди
мажолинг бўлмади ёзмоққа

ҳафсала
Fahriyor
fahriyor
ҳафсала кун етиб
пир бўлди охир

этагидан тутди
эгатларда
бекатларда
расталарда
хасталанган кўй
адашиб юрган миллат

этагини силкди
ҳафсала
тутдай тўкилди миллат
ҳафсаланинг пойига

лойиқ келган муридлардан бир жуфтини
кафш қилиб илиб кетди у
оёқларига

яна танлаб бешта олтитасин
қўйнига ҳам солиб олди
сайилларда алиштириб кийгани
ё бергани болаларига

Нега янги сўзлардан ёзғирамиз?
Fahriyor
fahriyor
Кеча, тилимизга расмий тил мақоми берилганининг 27 йиллиги олдидан асли касби филолог эмас, журналист бўлган бир олим дўстимиз ТВга чиқиб, Интернетда тил бузилиб кетяпти, одамлар "сенсизлик", "менсизлик" деган нотўғри сўзларни қўллаяпти, қабилида гапирди. Унинг фикрича, бу сўзлар аввалги қўлланмагани учун ҳам нотўғри эмиш.
Улардан бирини қўллашга дахлим бўлган қаламкаш сифатида – “Сенсизлик” деган туркум шеърларим 2004 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Геометрик баҳор” тўпламимда  чиққан – эътирозимни, шу билан бирга тил билан боғлиқ айрим муаммолар хусусида фикрларимни билдирмоқчимон.
Аввало эътирозлар хусусида:
1) Ўзбек тилининг мавжуд  сўз ясаш қоидаларидан четга чиқмаган ҳолда истаган сўзни ясаш ва уни қўллаш мумкин, бунга ижодкорнинг ҳаққи бор, агар ўша сўзни бошқалар ҳам қўллаётган бўлса, демак, у оммалашаётганидан фақат қувониш керак.
2) Нега энди “ватансизлик”, “сенсиз”, “менсиз”, ана, боринг “тенгсизлик” деган сўзларни қўллаш мумкин-у, муайян кайфият ҳолати ёки кечинмани ифодалаш учун “сенсизлик”ни тақиқлаш кеерак? Бунинг нимаси тил қонун-қоидаларига хилоф? Ахир, ижодкор уни атама сифатида ҳеч кимга тиқиштираётгани йўқ-ку.
3) Бирор сўз ясаган ижодкорни илгари қўлланмаган, деган баҳона билан саводсизга чиқариб қўйиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди, чунки бугун имлою изоҳли луғатларга кириб кетган ва тилимизда фаол ишлатилаётган сўзларни ҳам бир вақтлар кимдир кашф қилган ва муомалага киритган.
Адабиёт – ҳамиша тил, жумаладан, янги сўз ясаш имкониятларини синаб кўриш учун энг катта экспериментлар майдони бўлиб келган. Бинобарин, ижодкор янги сўз ясашга уриниши табиий. Агар ўша сўз оммалашмай қолиб кетса ҳам ҳеч қандай зиёни йўқ – вақтнинг ўзи ҳамма нарсани саралаб бораверади. Лекин тарихда шоир ва ёзувчилар ясаган сўзлар бугунги кунда кенг истифода этилаётганига ҳам мисоллар жуда кўп.
Рус адабиётшуносларининг ҳисоб-китобига кўра, биргина шоир А.Вознесенский ўзи асарларида 2000 дан ортиқ янги сўз ясаган экан. Албатта, уларнинг ҳаммасини, кашфиёт бўлди ёки оммалашиб кетди, деб бўлмайди, бироқ шоирнинг новаторлиги фақат у ёки бу шаклни, метафоранигина эмас, янги сўзларни ҳам ясаб қўллай билишидадир.
Ҳозирги кунда фаол ишлатилаётган “бездарь” (Игорь Северянин), “инопланетянин” (фантаст ёзувчи Александр Казанцев), “лётчик” (Велимир Хлебников) каби сўзларни шоир ва ёзувчилар ясаган. Бунақа мисолларни юзлаб келтириш мумкин.
Ўзимизда ҳам бундай мисоллар етарлича топилади.
Телевидение Ўзбекистонда энди ишга тушган пайтлар радиоэшиттиришларга тақлидан унинг дастурлари ҳам “телеэшиттиришлар” деб аталган, ўшанда “кўрсатув” сўзини қўллашни устоз Асқад Мухтор таклиф қилган  экан. Ёки бўлмаса Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий русча “производное” сўзининг таржимаси сифатида қўллаган “ҳосила” сўзини эслайлик. Ўша пайтлар уни қабул қилиш анча қийин ва эътирозларга сабаб бўлган, бугун эса математика фанини ушбу атамасиз тасуввур қилиш қийин.
Жамият тараққиёти, ундаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг жадаллашуви ўз-ўзидан янги сўзларни талаб қилади. Масалан, ҳар йили инглиз тилида юзлаб, минглаб янги сўзлар ясалади ва луғат чоп қилиш билан шуғулланадиган марказлар уларни ўзига яраша талаб, қонун-қоидалар асосида бирма-бир рўйхатга олиб боради. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, инглиз тили луғатидаги сўзлар сони 1 миллионтадан ошган.
Бугун ўзимизнинг сўзлашув тилимизда ҳам инглизчадан ўзлаштирилиб, фаол ишлатилаётган “ток-шоу”, “селфи”, “вебинар”, “ситком” сингари юзлаб сўзлар кейинги ўн йилликларда ясалган сўзлардир.
Ҳозирги кунда ўзбек тилида ҳам чет тиллар таъсирида ёки ички эҳтиёжларга кўра кўплаб  янги сўзлар ясалмоқда. Шу сабабли уларни рўйхатга олиб борадиган, фойдалисию нишхўртини бир-биридан ажратиш билан шуғулланадиган марказга қаттиқ эҳтиёж бор. Балки янги ташкил қилинган Ўзбек тили ва адабиёти  университетида шундай хайрли иш ҳам бошлангандир, афсуски, бундан бехабармиз.
Кейинги 4-5 йил ичида дунёдаги етакчи ахборот технологиялари компанияларининг (Майкрософт, Самсунг, Ҳуавей, Гугл ва ҳк.) таъминот дастурлари ўша компанияларнинг ташаббуси  билан ўзимизнинг бозорга кириш учун  тилимизга жадал таржима қилинмоқда. Ўша компаниялар аксарият ҳолларда бу ишга инглиз тилини яхши биладиган, аммо ўзбек били бўйича мутахассис бўлмаган кишиларни жалб қилаётгани сабабли таржималар чала-чулпа чиқиб қолмоқда. Оқибатда ўша таржималардан фойдаланмоқчи бўлган истеъмолчилар гаджетлар – электрон қурилмалардаги (ноутбук, смартфон, ўқишга мўлжалланган қурилмалар (readers) ва ҳк.) изоҳларни тушуниш учун бошқа тилларга мурожаат қилишга мажбур, шунингдек, таржима қилинаётган атамалар оммалашмагани учун тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Агар зикр этилган компаниялар юқорида зикр этилган ва тилнинг эгаси бўлиши керак бўлган марказ билан ҳамкорлик қилса, бундан ҳамма бирдай ютар эди.
Ҳамманинг хабари бор, “юртбоши” деган сўз истеъмолга кириб кетганига анча бўлди. Лекин у “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилганига кўп бўлгани йўқ, 2013 йилда чоп этилган “Ўзбек тилининг имло луғати”да эса умуман йўқ. Ваҳоланки, уни 90-йилларнинг ўрталарида бир америкалик олим – адашмасам, оти Карл Крисперс эди – чоп қилдирган “Ўзбекча-инглизча луғат”ига, хато бўлса ҳам,  “юртбош” деб киритувди. Ўзимизнинг луғатларга ҳали ҳам кириши қийин бўлаётган бунақа сўзлар ўз вақтида расман қайд қилиб борилганида, бундай чет эллик мутахассислар бунақа калималарни нотўғри қўлламас эди.
Хуллас, қанчалик ёзғирмайлик ва тил қанчалик консерватив бўлмасин, у жамият тараққиёти жараёнида вужуд келадиган янги сўзлар эҳтиёжини қондиришга мажбур.

турналар
Fahriyor
fahriyor
1

турналар
              баҳорни         
                             судраб
                                              келади
                                                             
                                                             сангижумонга,

                                     чангитиб…
                            билан
              булутлар
осмонни                                                

2

                                    н
                                 и      г
                              н            а      
                          т         т        р
                       а        р    у        з          
                     и        а         р         а
                  б        й             н          н   
                а       ў                    а          д
             т        о                        л          а
          р        г                             а           с
        о       е                                   р         и
      ҳ       л                                        б         д
   а       р                                              и         и
б       о                                                   л          р
       ҳ                                                          а      
    а                                                                н
б                                                                    

3

алифбо турналар

на кирилл
на лотинни таниган
табиат
баҳор дарагини ўқир
турнани турнага уриштирганча

бир бирига урилганда турналар
қур қурлаган овоз чиқар
пианино клавишларин
кимдир босиб чалаётгандай

турналарни чалар табиат

4

хоразмий петербургдан хивага
туяларга ортиб келган пианинода
чалган куйларнинг чизиқли нотасига
                                     р
                                  а                                   
                              л
                     турна  
           зайди
         г
      н
   е
м           

марям айтаётган қурбон ўламдай
ўртасида битта авжи бор

авжида синади фақат бу қўшиқ
ортига қайтади ўша авжидан

ўша авж баҳорни етаклаб кирар
юрак кунжакларига

5

б                                        р
а                                    а
   ҳ                                л
     о                            а
       р                        н
         ғ                     р
         а                 у
             л             т
             а          и
                б     с
                   а

лекин бу ғалаба мағлубиятдир
ёхуд
кўклам юз кўрсатган  тийрамоҳ эрур
қайтиб кетаётган турналар бўлиб

                        6

турналарнинг
курк бўлган ҳовузга тушган  акси
сув сатҳида муаллақ
туриб қолар анча вақт
сурат сингари

сув сатҳи чайқалади

акс чўкар аста ҳовуз тубига
бўлиб қурбақанинг увулдириғи
қатор
               сафи бузилмай


                        7

курк бўлган ҳовуз 
босиб ётар турналарнинг аксини

ва бир куни очиб чиқар қурбақа
ўша аксдан

                        8

турналар тилида
куйлай бошлар қурбақа

баҳор дарагини осмондан
ҳовузга олиб тушар

лекин ҳовуз осмон каби кенг эмас

қурбақа сайроғи калта қайтади
қуриллоққа айланиб қолар

                        9

қўшиқ ҳамиша
ниманингдир чегарасидир

қиш билан кўкламни чегаралайди
турналар қурқури

сув билан қуруқлик
ер билан осмон
чегарасида
турар қурбақанинг
турналардан мерос қўшиғи

               10
баҳор турналарнинг омонатидир
кузгача қарз бериб турар баҳорни
турналар бизга

хонтахта шеър
Fahriyor
fahriyor
…тик оёқда ухлар хонтахта
қўшдан ҳориб чиққан қирчанғидайин
оёқлари зирқиллар
бегона дарахтдан йўнилган оёқлар…

…энди у
юкоёқлик қилар хотираларга…

…хонтахта туш кўради…

…тушларига киради
хиёбонда дарахт кўланкасида
суйишиб ўтирган йигит билан қиз…

…сал нарироқда
ҳайкал шоҳсупаси бўм-бўш турибди
шахмат ўйнаётган битта ишқибоз
йўқолган от ўрнига
гугурт қутиси ҳаммас
нос шиша ҳаммас
ҳайкал қўйиб ўйнайди
олдинги шашти йўқ ҳайкалнинг
бостириб бормайди рақиб томонга
жилови тортилган отининг
тўра ёки фил қуригандай
рақиби
уни ютиб олар пиёда билан…

…қўшни йўлакда
ўзи сотган қизлар номусин
бўйнига бармоқдай йўғон бир занжир
қилиб таққан
қўшмачи хотин
мижозларга севги пуллайди
қўл телефонда…

…бирдан олатасир бошланар
қайгадир ғойиб бўлар
                                   севишганлар
                                   ишқибозлар
                                   қўшмачи хотин
ҳайкал қолиб кетар оёқлар остида
дарахтларни кесарлар бир-бир
арралаб мошинга ортарлар
ва олиб кетарлар қаерларгадир

…лекин    севишганлар
                ишқибозлар
                қўшмачи хотинни
офтоб тиғидан асраган соя
оёқ тираб туриб олар
кетмайман дея
эргашмайди дарахтларга ҳам
хиёбонда қолади соя…

…шу-шу қоплаб ётар у ерни
қарғиш сингари
кесилган дарахтларнинг
ҳеч ким кеса олмаган
муштипар сояси
                         мунглиғ сояси
шаффофланиб
                         арвоҳланиб
фақат энди унда         на севишганлар
                         на ишқибозлар
                         на қўшмачи хотин бор…

…уй эгасин қадам товушларидан
хонтахта уйғонар
алоқ-чалоқ тушлари
бўлиниб қолади
бензоарралар
дарахтларни бўлтаклагандай …

…уй эгаси хонтахтага мук тушиб
хонтахта сценарий ёза бошлайди
севишганлар ҳақида
қўшмачи хотин ҳам бўлар эҳтимол
сценарийда
лекин ҳайкалнинг
қўлма-қўл бўлганин ёзишга қўрқар
хонтахта шивирлаб турса ҳам гарчанд…

бозингар
Fahriyor
fahriyor
тушларни оқизоқ қилар анҳорда

жевак қилиб илар телеминорани
мошини калитига
ёки селфи таёқ қилиб ўйнар расмга
тушмоқ учун даблдеккер ёнида

учоқларни думидан тутиб
қўйиб юборади ўтлоққа
ниначи қилиб

ангишвона қилиб ўйнар гумбазларни
остига сарой ё
бирор ҳайкални қўйиб

ucell билан beelineнинг
арқоғи бўш тўлқинларидан
пули куйган обуначиларга
докасимон яктак тўқиб берар
жазирамада

ислоҳ калимасидан
сақич ясаб вафо атторнинг
эшак аравасида
болаларга бепул тарқатиб юрар

баҳор осмонидан булутларни
бир бир йиртиб олиб
мактаб ёнидаги қўшкда
пахтақанд қилиб пуллар
устига шакар сепиб

дайди шамолни
қўйиб юборади шаҳар кўчаларига
ўйнаб хуморидан чиқсин деб
йиртиб шиору афишаларни

ёзни чиллага солар

мухолифларга
қуш тилидан сабоқ берар кун узунаси
ўрганолмай қолганларини
лўли хотинларга калтаклатади

шумланиб қолмаслиги учун раият
қора мушукларни бирма бир тутиб
бўяб чиқар
феруза рангга

бир тийинга олмас мақолни
бозорга тегар
полтергейст каби
ўт қўяди олдинма кейин

ҳақиқатни
газет журналлардан битта қолдирмай
йиғиб олар ва
қўшниларга пуллар улгуржи

йўлдан урар хиёбонларни
ечинтирар шир яланғоч
сўнгра қарамай
ташлаб кетади

минора соатни клонлаб қўяр

варақлаб ўқийди битта нусхада
чоп қилинган
ким ёзгани номаълум
ўзбекистон меҳмонхонасин

одам экар экинзорларга
одам ўрнига яйдоқ хиёбонларда
арчалар дайдиб юрар
тиланчилик қилиб
бир бир кириб чиқар маҳалладаги
ҳовлиларга ҳам
пул берган ким
бўз берган ким
қанд қурс берган ким

кўприкларни дарё устидан
йўл устидан ҳаклатар

юлдуз сиғмай
чўкаётган осмонга
тираб қўяр масжид минораларин

ақчадондай
ойни рўза тутилган
кунлар савоби билан тўлдириб борар

Тилни зўриқтириб бўлмайди
Fahriyor
fahriyor
Сўнгги йилларда мамлакатимизда чет тилларни ўрганишга бўлган эътибор ортаётган Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида ривожланган мамлакатлар орасида ўз ўрнига эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларини йўлга қўйишда тил асосий восита бўлиб хизмат қилади. Ҳар қандай хорижий тилни ўрганиш она тилга бўлган муносабат билан белгиланади. Ўз тилини яхши билган, уни ҳурмат қилган, она тилининг софлиги, ривожи учун қайғурадиган киши хорижий тилга ҳам шундай муносабатда бўлади. Истеъдодли шоир, моҳир таржимон Фахриёр (Фахриддин Низом) билан  суҳбатимиз шу мавзулар атрофида кечди.
– Фахриддин ака, ҳар бир миллатнинг ривожланиши, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлишида тил муҳим коммуникация воситаси ҳисобланади. Шоир ва таржимон сифатида бу масалада фикрингизни билмоқчи эдик.

–  Бугунги ахборот ёки коммуникация асри деб аталаётган замонда ҳар бир миллатнинг тараққиёти, унинг сиёсий ёки иқтисодий соҳалардаги муваффақиятлари дунёдаги ўзидан бошқа мамлакатлар билан ахборот алмашуви тезлигига ҳам боғлиқ. Бу масалада тил бошқа коммуникация воситаларидан кам роль ўйнамайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида инглиз тилини бошланғич синфлардан бошлаб ўргатишга эътибор қаратилгани айни шу талабдан келиб чиқади ва яқин йилларда натижалар беришидан умидвормиз. Инглиз тилини пухта ўзлаштириш ахборот алмашувини жадаллаштиришимизда мислсиз имтиёзлар беради.
Шу ўринда битта мисол келтиришни жоиз деб биламан: Америкада ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга оид бир китоб чиқди, дейлик. Расмий тили (ёки тилларидан бири) инглиз тили бўлган Ҳиндистон, Малайзия сингари мамлакатларда у ўқувчи қўлига кўпи билан бир ой ичида етиб боради. Ўртада муаллифлик ҳуқуқини олишдан бошқа ҳеч қандай тўсиқ йўқ. У бизга етиб келиши учун муаллифлик ҳуқуқини олиш, таржима ва нашр ишлари билан боғлиқ жараёнлар камида бир йилга чўзилиши мумкин. Бу вақт мобайнида бугунги жаҳон бозорини эгаллаб олган Apple ва Samsung компаниялари гаджетларининг 1-2 та янги авлоди пайдо бўлади ва биз 1 та китоб таржимасини кутиб, шунча кеч қоламиз.
–  Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг ортишига дунё фан-техника соҳасида кечаётган ўзгаришлар, замонавий технологияларнинг мислсиз тез суратда ривожланиб бориши сабаб бўлаяптими ёки бошқа омиллар ҳам борми?

–    Канадалик коммуникация назарияси файласуфи Маршалл Маклуэн (1911-1980) “глобал қишлоқ” ("global village") атамасини кашф қилганига ҳам ярим асрдан ошди. Ўшандан бери коммуникация технологиялари соҳасида эришилган инқилоб дунёни янада торайтириб, бир қишлоққа айлантириб қўйди, десак муболаға бўлмайди. Бугун дунёнинг исталган қитъасидаги танишингиз билан сониялар ичида боғланишингиз, унга э-почта хабарлари, SMS, MMS ва бошқа хабарларни юборишингиз, қабул қилишингиз, исталган суратингиз, матнингиз, видео файлингизни ижтимоий тармоқлардаги дўстларингиз билан алмашишингиз мумкин. Ёки оммавий ахборот воситаларини олайлик. Етакчи "ахборот империялари" ("news empires", Associated Press, France Presse ва ҳоказо) ёки телеканаллари (CNN, BBC, DW ва бошқалар) дунёнинг исталган кунжагида рўй бераётган воқеа ҳақида ё жонли тарзда, ё кўпи билан бир соат ичида хабар тарқатади, репортаж беради.
Бундан ташқари, глобаллашиб бораётган дунёда ўша оммавий ахборот воситалари таъсирида сайёҳлар сони – жумладан, Ўзбекистонда ҳам – йилдан-йилга ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси тил билишга бўлган эҳтиёжни вужудга келтириши табиий. Шунинг учун тил марказлари, юксак малакали репетиторлар ва олий ўқув юртларининг чет тили факультетларига ўқишга киришга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Қолаверса, бугун дунёга чиқиш эшиклари очиқ бўлгани боис ҳар бир киши саёҳат қилиш, меҳнат миграцияси жараёнида тил билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Бинобарин, келгусида тил ўрганишга бўлган эҳтиёж янада ортиб боради.
Тўғри, кейинги пайтларда пайдо бўлаётган электрон таржимонлар гапирган гапингизни матнга айлантириб, бошқа тилга таржима қилиб бера олади. Бироқ  ундан, дейлик, қурилиш ёки бошқа бирор тор ихтисослик соҳасида фойдаланиш қийин. Шунинг учун ҳар қандай мукаммал электрон таржимонлар пайдо бўлмасин, тил ўрганишга бўлган эҳтиёж ҳеч қачон камаймайди.
Одам қанча кўп тил билса, шунча кам.

– Баъзи хорижий тил мутахассисларидан, қайси тилда фикрлашини сўраганимизда, кўпчилиги ўрганган тилини айтади. Фикрлашда тил ҳам роль ўйнайдими? Масалан, сиз инглизча фикрлайсизми ёки ўзбекча?

– Албатта, роль ўйнайди. Бу тилни қай даражада мукаммал билиш билан боғлиқ. Баъзи кишилар гапираётганда бошқа тил сўзларини қўшиб ишлатаётганига ҳеч эътибор берганмисиз? Буни у атайлаб қилмайди. Ўша сўзларни у қайси тилда гапираётган бўлса, ўша тилда ўрганган. У фикрини ифодалаш учун мос сўзларни қидирганда “арсенали”дан ўша тилдаги сўзнинг ўзбекчасини топишга қийналади. Бу бошқа тилда фикрловчи кишиларга ҳам тегишли. Улар тил ўрганаётган пайтда асосий эътибор ва вақтини ўша тилга қаратгани учун ўша тилда фикрлай бошлаши ҳам мумкин. Лекин бу унинг ўша тилни она тилидай ўзлаштириб олди, дегани эмас.
1997 йили биз, бир гуруҳ ўзбек журналистлари Шимолий Атлантика ҳарбий блокининг Брюссель шаҳридаги  бош қароргоҳига таклиф қилиндик. Ўшанда гуруҳимизга таржимонлик қилган таниқли рус ёзувчиси Леонид Андреевнинг набираси, рус, инглиз ва француз тилларидан синхрон таржима устаси Александр Андреевдан худди шу саволни сўраганимда, қайси тилни она тилим дейишга қийналаман, деб жавоб берган эди. Балки унинг таржимонлик фаолиятида учала тилни ҳам яхши билгани, учала тилда ҳам бирдай фикрлай олгани учун бунинг аҳамияти йўқдир. Лекин бу – унинг субъектив фикри. Сабаби, бир мамлакатдан иккинчисига эмиграция қилган шоирларнинг бошқа тилда шеър ёза олмаслигига мисоллар жуда кўп. Масалан, И.Бродскийнинг инглиз тилидаги эсселарини маза қилиб ўқиш мумкин, лекин у ўша тилда ёлчитиб шеър ёза олмади. Шунинг учун бошқа тилда фикрлаш – нисбий тушунча. Унга мутлақ ҳақиқат, деб қарамаслик керак. Мен ўзимни қанчалик инглизча фикрлайдиган қилиб кўрсатишга уринмай, барибир у она тилнинг ўрнини боса олмайди. Икки тилда фикрлаб, икки тилда бирдай ёза олиш – жуда ноёб ҳодиса. Бунинг учун одам икки тил муҳитида ўсган бўлиши шарт ва шунга яраша шарт-шароит керак бўлади.

– Бундан бир неча йиллар аввал Хиллари Клинтоннинг сиз таржима қилган китоби қўлимга тушиб қолди. Шунгача Фахриёрни фақат шоир сифатида танирдим. Таржима билан қачондан жиддий шуғуллана бошлагансиз?

– Мен Хиллари Клинтоннинг “It Takes a Village” (тўлиқ номи  – “It Takes a Village to Raise a Child” – “Бир бола тарбиясига бутун қишлоқ масъул”) китобини “Бир болага етти маҳалла ота-она” номи билан 1997 йили унинг Ўзбекистонга сафари олдидан таржима қилган эдим ва у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети талабалари билан учрашув чоғида муаллифга тақдим этилгади. Албатта, таржима жуда шошилинч – бор-йўғи бир ойда бўлгани учун анча-мунча камчиликлари бор. Агар уни қайта нашр қилиш керак бўлса, ўша камчиликларни  бирма-бир тузатиш ниятим йўқ эмас.
Умуман, таржимонлигимга келсак, мен бу ишга болалигимдан қизиқаман. Бу иш билан профессионал даражада шуғулланаётганимга ҳам 20 йилдан ошиб қолди. Лекин, афсуски, шароит тақозосига кўра, бадиий таржима билан кам шуғулланяпман. Икки-уч йил олдин замонавий Америка ёзувчиларининг уч-тўртта ҳикоясини, шоирларининг шеърларини, бошқа миллатлар ёзувчиларининг бир-икки асарини ҳисобга олмаганда, айтарлик иш қилганим йўқ. Ҳозирги пайтда ахборот технологиялари соҳасидаги жуда катта таржима лойиҳаларида қатнашаётганим учун бу ишга вақтим кам қоляпти. Лекин бу таржималарнинг халққа тегадиган фойдаси бадиий таржималарникидан кам бўлмаса керак. Компьютер, замонавий смартфонлар, планшентлар таъминот дастурларини ўзбекчалаштириш ҳам керак-ку. Лекин бир кун келиб бадиий таржима билан жиддий шуғулланишни ният қилиб қўйганман.

– Ижодкорга таржима билан шуғулланиш нима беради? Ҳар ҳолда турли эксприментлар, услублар ижодкор ўзлигига таъсир қилмайдими? Умуман, ижодкорга таржиманинг қандай фойдали жиҳатлари бор?

– Таржима ижодкорга жуда кўп нарса беради – бошқача фикрлашга ўргатади, ижод қилаётган тилнинг имкониятларини кенгайтиради, чунки ўзга тилда фикрлаш тарзи бошқача, тил руҳияти бошқача.  Бадиий адабиётни ўша тилда ўқиётганда тафовутлар унча сезилмаслиги мумкин. Лекин таржима – оғир иш. Ўша бегона ҳаёт тарзи, унинг тилингга хос бўлмаган гап қурилишию ифода тарзини ўзбекчада қайта яратиш осон бўлмайди. Адекват таржима қилиш учун айрим устоз таржимонлар ўргатаётган "шу ўринда ўзбек нима деган бўлар эди" қабилида иш тутиш ҳар доим ҳам ўзини оқламаслигини аччиқ тажрибамдан биламан. Чунки тили, дини, қадриятлари, инсоний муносабатлари бутунлай сенга нотаниш муҳитда шаклланган кишининг кечинмаларию дунёқарашини фақат ўзбекка хос қилиб тасвирлаш унчалик тўғри эмас. Масалан, христианларда “литургия” маросими бор. Эрталабки ёки туш пайтидаги диний маросим бўлиб, унда ибодат қилинади, диний қўшиқлар куйланади, китоблар ўқилади ва маросим билан боғлиқ бошқа амаллар бажарилади. Кўпчилик ғарблик таржимонлар фақат ислом динига хос жума намозини ана шу атама билан таржима қилишга ёки тушунтиришга ҳаракат қилади. Ўхшашлик билан тушунтириш яхши, лекин мазкур атама билан таржима қилиш ўзини қанча оқлайди? Мен бундай атамаларни бор ҳолича изоҳ билан бериш тарафдориман.
Таржиманинг экспериментларга таъсири ҳақида гапирсак, ҳамма таржимон ҳам эксперимент қилади, деган фикр унча тўғри эмас. Албатта, таржима билан эксперимент ўртасида муайян боғлиқлик бор. Мен “эксперимент эксперимент учун” деган ақидага таяниб иш тутиш дуруст эмас, у таржима объекти бўлган тил таъсирида миллий адабий тафаккур имкониятларини кенгайтириш эҳтиёжи бўлиши керак, деган фикрдаман. Эксперимент олифталикдан эмас, тилда ишлатилавериб, сийқаси чиқиб кетган иборалар ва фикрлаш тарзини янгилаш эҳтиёжидан келиб чиқади. Францияда XIX асрда верлибрнинг пайдо бўлиши Эмил Верхарннинг инжиқлигидан эмас, ўша пайтда вужудга келган қофия таназзулидан бошланган эди, чунки француз тилида ҳам худди ўзбекчадагидай урғу сўзнинг охирги бўғинига тушади ва бу шоирнинг шеърга ижодкорона ёндашув имкониятларини чеклайди.
Шу маънода таржима жараёни таржимонга жуда кўп нарса ўргатади. Г.Г.Маркес уни “энг яхши ўқиш воситаси” деб атаган эди. Таржимон ҳар битта сўзни таржима қилишга мажбур бўлгани учун асарнинг баъзан ўқувчи илғай олмайдиган нозик жиҳатларини ҳам илғаб олиш ва уни ўз тилида қайта яратишга мажбур.

– Мустақилликка қадар жаҳон адабиёти намуналарининг аксарияти ўзбек тилига билвосита таржима қилинган. Эндиликда бундай асарларни бевосита таржима қилиш бўйича ҳам муайян тажриба тўпланди. Сиз эса ҳам бевосита, ҳам билвосита таржима билан шуғулланасиз. Сўнгги йиллардаги ишларингизда аслиятдан таржималар кўпроқ. Таржимон сифатида уларнинг фарқини ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

– Илгари собиқ иттифоқнинг чекка ўлкаларида тил ўрганиш масаласида муайян чекловлар мавжуд эди. Унга барҳам берилганига 20 йилдан ошиб кетганига қарамай, ўша даврдаги инерция билан жаҳон адабиёти  дурдоналари ҳали ҳам рус тили орқали таржима қилинмоқда. Тўғри, бошқа тилларни рус тили даражасида билишимиз учун ҳали анча вақт керак бўлади, лекин бу қўл қовуштириб ўтиришимиз керак дегани эмас-ку. Ижодкорлар орасида чет тилларни ўрганишга қизиқувчилар кам. Фақат олий ўқув юртларининг мутахассислари ушбу бўшлиқни тўлдириб, ўзбекчадан бошқа тилларга ҳам таржима қилишга уринмоқда. Буни фақат қутлаш керак, бироқ уларнинг бадиий таржимага қанчалик уқуви бор? Қолаверса, улар ўша ўзбекча асар таржима қилинаётган тилни тил эгасичалик яхши биладими?
Бевосита таржима ҳақидаги саволингизга қайтсак. Тасаввур қилинг, испанча ёки французчадан таржима қилаётган рус таржимони ҳар бир гапга адекват таржима ахтариб, ўз тили иборалари, мақоллари, сўз оборотларидан фойдаланади ва оқибатда улар энди испанча ёки французча бўлмай қолади. Қандай қилиб, ўша гапларни испанчадан таржима қилингандек жаранглатиш мумкин? Шахсан мен бунга ишонмайман. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Инглиз ёки француз тилини зўр биладиган, ўша ёқларда ўқиб, тажриба орттириб келган мутахассиснинг ўзбекчага ўгириш уқуви бўлмаса-чи? У таржима қилаётган асар ўзбекча алмойи-жалмойи таглама бўлиб қолмайдими? Техник таржима матнларини таҳрир қилган пайтим бундай ҳолатларга кўп дуч келаман.
Ўзимга келсак, жаҳон адабиётининг айрим намуналарини (масалан, Пабло Неруда шеърлари, Ясунари Каватаба ва озарбойжон ёзувчиси Анорнинг ҳикояларини) рус тили орқали таржима қилганман. Лекин барибир аслиятдан таржима қилишнинг ўрни бошқача.

– Билишимизча, сиз илмий адабиётлар таржимаси билан ҳам шуғулланасиз. Бу ижодкор учун осон иш эмас Бундай таржималарга ўзингиз хоҳлаб қўл урасизми ёки зарурат туфайлими?

– Йўқ, мен илмий адабиётларни эмас, дунёнинг етакчи ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги етакчи корпорацияларнинг компьютер, смартфон ва планшетларга мўжалланган таъминот дастурларини ўзбекчалаштириш лойиҳаларида қатнашяпман. Тўғри, бу жараён зарурат юзасидан кечмоқда. Лекин қилаётгани меҳнатинг миллионлаб ватандошларингнинг янги техника ва технологияларни ўзлаштиришларида ёрдам бераётганидан қувонмай бўлмайди. Фақат инглиз каломшунос олими, шайх Тимоти Уинтернинг (Абдулҳаким Мурод) “XXI асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш” деган диний-фалсафий китобини таржима қилган эдим.

– Сўнгги пайтларда миллий матбуотимизда турли тиллардан таржима қилинаётган асарлар кўпайди. Аслиятдан таржима сифатида бундан қувониш керакми ёки...? Чунки асарнинг моҳияти, тил хусусиятлари, ёзувчи услуби сингари бадиият талабларига жавоб бериш керак бўлган масалалар бор. Бундай таржималарни кузатиб борасизми?

– Афсуски, уларни тўлиқ кузатишга вақтим бўлаётгани йўқ. Айрим таржималарни ўқиб, тўғриси, ҳафсалам пир бўлади. Бунақа таржималар аслиятдан қилинди нимаю, билвосита бажарилди нима?
Бадиий таржиманинг ўзига яраша талаблари бор, ахир. Таржимон истаса-истамаса, таржима қилаётган асарининг бадиий услубини сақлашга, унга адекват (муқобил) бўла оладиган ўзбекча асар яратишга мажбур. Қўлидан келмаса, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилмай бошқа иш билан шуғуллангани маъқул. Бугун қимирлаган одам оч қолмайди.

–  Бугунги матбуот тили сизни қониқтирадими?

– Йўқ, қониқтирмайди. Тилимиз сохта журналистика тили, шунингдек, рус тили ва бошқа  тиллардан таржима қилиш ёки шуларга уринишлар оқибатида жуда катта синовни, ҳатто айтиш мумкинки, майиб қиладиган даражадаги зўриқишни бошидан кечирмоқда. Мана, масалан, рус ва инглиз тилларининг таъсирида кераксиз ўринларда ҳам мажҳуллик нисбати ишлатилишига ёрқин бир мисол: “Президентимиз томонидан имзоланган”. Нима, шуни “Президентимиз имзолаган” деса биров уришадими ёки журналистнинг асакаси кетиб қоладими?
Афсуски, бу ҳол ҳатто расмий нутқлар ва ҳужжатлар тилига ҳам (қонунлар, қарорлар) ҳам кириб борди. Ёки ҳаор хил телеканалларнинг бутун миллатга ўрнак бўлиши шарт бўлган ахборот дастурлари тилини таҳлил қилиб кўринг – уялиб кетасиз. Журналистлар “молхоналарга ташриф буюрмоқда”, кимларнидир “Ўзбекистонга расмий ташриф билан келтирмоқда”, ёки “давлат” билан “мамлакат” сўзларининг фарқига бормай қўллаяпти. Бу ҳам майли. Бир куни нонушта қилаётиб, “Ёшлар” телерадиоканалида ҳайвонот оламига бағишланган ҳужжатли фильмни кўриб ўтириб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим: кадр ортидан диктор "эркак эчки", “урғочи эчки" деб гапиряпти. Бу халққа нисбатан ҳурматсизлик эмасми?! Журналист ғўрдир, “андак бадхатроқдир”, лекин ўша кўрсатув охиридаги титрга қаранг, тиркалмаган фамилия қолмайди.
Бир вақтлар анча-мунча эпақага келиб қолган адабий-бадиий нашрлар тилини кўриб, дод дегинг келади, уларда ҳатто оддий имло қоидаларига ҳам риоя қилинмайди. Ёзувчи билан шоирки тилни эъзозлама, фикрини эплаб айта олмаса, бошқалардан нима кутиш керак?

– Шеърларингизни хорижий тилларга кимлар таржима қилган?
– Шеърларим рус, қозоқ, озарбойжон, турк, хитой, инглиз, болгар ва уйғур тилларига таржима қилинган. Таржимонлардан кўпчилигининг исмини билмайман. Фақат шеърларимни рус тилига таржима қилган таржимонлар –  Санжар Янишев, Вадим Муратханов ва Герман Власовни шахсан танийман. Бу таржимонлар нафақат мазмунни, балки оҳанг, ҳижо, қофия тизимини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилаётгани учун шеърларим рус тилида ҳам бошқача жарангламоқда. Ҳатто шоир дўстимиз Вафо Файзуллонинг бир шеърини Герман Власов русчага ўгиргандан сўнг уни бир рус хонандаси қўшиқ қилиб айтганидан ва у хит бўлганидан хабарим бор.
– Инглиз тилида ҳам шеър ёзиб кўрганмисиз?
– Йўқ, мен бошқа тилда шеър ёзишга уриниб кўрмаганман ва бунинг кераги йўқ, деб ўйлайман. Балки қаттиқ уриниб кўрилса, бирор натижа чиқиши мумкиндир, лекин барибир ўзбек тилидагидек жаранглаши қийин. Эҳтимол, бошқа тилда мақола, насрий асар ёзиш мумкиндир, лекин шеър ёзиш осон иш эмас.
Бир кун келиб, инглиз тилини она тили даражасида биладиган бирор ватандошимиз миллий фольклоримиз ва адабиётимиз, қолаверса, тасаввуфий қараш ва тутимларни жаҳон адабиётининг илғор тажрибалари билан синтез қилиб, ўзбекни дунёга танитадиган асарлар, жумладан, шеърлар ҳам яратар. Абдулла Қаҳҳор сингари ишончим қатъий бўлмаса ҳам, умидим бор.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Назира Қурбон суҳбатлашди.
Манба: http://viewer.fledu.uz/simple_document.php?subfolder&doc=2015.1-son+jurnal+.pdf  аҳсмат
 

Эплаб ёзишдан бошқа мезон йўқ
Fahriyor
fahriyor
Сиз адабиёт оламига янги нафас билан кириб келдингиз. Кўплаб шеър шайдоларининг юрагидан жой олдингиз. Бироқ охирги шеърий тўпламингиз “Геометрик баҳор”нинг чоп этилганига, адашмасам, ўн йил бўляпти. Адабий нашрларда ҳам фаол эмассиз. Шоир Фахриёрни соғинган, ундан янги шеърлар кутаётган шеърхонларга бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
Тўғри айтасиз, бу ўзим учун ҳам оғриқли масала. Танаффус дарсдан чўзилиб кетса, вақт қимматини йўқотади. Фақат бир таскин бор – бекор ўтирганим йўқ, тинмай ишлаяпман. Таржима билан шуғулланяпман. Катта-катта лойиҳаларда қатнашяпман. Ким билади дейсиз, бугун халққа уларнинг нафи шеърдан кўра кўпроқдир.
Шоирнинг катта руҳ билан ўзини эркин қўйиб ижод қилиши учун нима керак, деб ўйлайсиз?
Бунинг учун ботиний эркинлик зарур. Ботиний эркинлик ва руҳий хотиржамлик учун эса ижодкор иқтисодий жиҳатдан муҳтож бўлмаслиги керак. Машраб шусиз ҳам катта шоир бўлган-ку, деган гапни айтишлари мумкин. Лекин катта адабиёт йўл-йўлакай тўқилган шеърлар билан эмас, хотир жам бўлган ҳолатда олд-орқаси пухта ўйланган асарлар ёзиш билан яратилади.
Албатта, замонга боқмай, у билан ҳисоблашмай ижод қилган ва қилаётган ижодкорлар ҳам кўп. Лекин қани Навоий даражасидаги шоирлар, Толстой даражасидаги ёзувчилар?
Ижодингиз кўплаб баҳсларга сабаб бўлган. Айрим танқидчилар сизни фақат шаклий экспериментлар қилиб юрган ижодкор деб билса, бошқалари ижодингизга юксак баҳо беради. Ўз ижодингиз ҳақида қандай фикрдасиз? Сизнингча, яхши шеър қандай талабларга жавоб бериши керак?
Ҳар доим такрорлаб келганман: мен шеърни бировнинг қош-қовоғига қараб ёзмайман, кўнглимдаги гапларни ўзимга маъқул йўсинда ифода қилишга интиламан. Аксарият танқидчиларнинг фикри бир вақтлар раҳматли адабиёт ўқитувчим айтган, шеърларингни тушунмадим, деган гапидан нарига ўтмайди ва бундан хафа бўлмайман. Ҳар кимга бир “осилиб” кўрадиган, асли касби фольклоршунос ёки мумтоз адабиёт табдилчиси бўлган танқидчилар ёки биз тенгиларни нигилизмда айблашга уринган марҳум ёзувчи билан пачакилашиб ўтиришга вақтим ҳам, истагим ҳам йўқ.
Бу – адабий жараён. Кимдир танқид қилса, кимдир мақтайди. Мен бундан ҳаволаниб ҳам кетаётганим йўқ – ўзимни босиб олар ёшга аллақачон етганман.
Ўз-ўзимга баҳо беришга келсак, мен учун битта мезон бор – ёзганинг аввало ўзингга ёқиши, ундан завқ ола билишинг керак.
Яхши шеър санъат намунаси бўлиши учун – экспериментал ёки анъанавий бўлишидан қатъи назар – эплаб ёзилиши шарт. Бинобарин, ҳар қандай ижод маҳсули чинакам санъат асари бўлиши учун бадиият талабларига жавоб бера олиши керак. Бор-йўғи шу. Ёстиқдай роман ёзганинг билан у оддий хроника ёки мухбирнинг мақоласидан фарқ қилмаса, ундан ёмони йўқ.
Бадииятнинг юксак талабларини ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Сизнинг-ча, бу талаблар нималардан иборат?
Албатта, ижод моҳияти ва мезонини белгилайдиган ягона талаб ёки қоида ўйлаб топилса, ижод қилиб ўтиришнинг ҳожати қолмас эди, чунки бадиий ижод ҳеч бир қолипларга бўйсунмас эркинлиги билан ҳам қадрлидир. Лекин шу ҳолича ҳам бадиий ижоднинг ўзига яраша талаблари, мезонлари мавжуд. Мен уларни нималарда кўраман?
Ҳар бир асар аввало мен учун янгилик бўлиши, “сунъий” (“санъат” сўзи билан келиб чиқиши бир) эканига қарамай бадиий тўқимаси – образлигига ишонтира олиши, унга ёлғон ва ғараз аралашмаслиги керак.
Кейинги пайтларда сценарийингиз асосида суратга
олинган кино
фильм ва сериални томоша қилдик. Кино оламига сизни нима етаклади? Моддий рағбатми ёки қизиқиш?
Аниқлик киритмоқчиман. Мен сценарийларни таниқли кинорежиссёр ва сценарист Жаҳонгир Қосимов билан ҳамкорликда ёзганман. Бунга туртки бўлган нарса фақатгина моддий рағбат эмас. Кинематография сўз санъатидан қанчалик фарқли бўлмасин, киноарбоблару кинотанқидчилар уни ёзувчилардан қанчалик рашк қилмасин, Ўзбекистонда фақат 3-4 та дипломли киносценарист бор деб бу соҳани рақобатчи ёзувчилардан “иҳоталаш”га уринмасин, бадиий ижод ва кино асарларининг умумий жиҳатлари кўп ва бугунги кунда Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Шомирза Турдимов сингари ёзувчилардан ўтказиб, яхши сценарийлар ёзилмаётган, бошқа тарафдан эса “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ёзувчилар билан ҳамкорлик масаласини қайта-қайта кўтараётган экан, нега мен ўзимни бу соҳага бегона деб билишим ёки сценарий ёзмаслигим керак?
Кечирасиз-у, ўзини ўзбекнинг зиёлиси деб билиб, она тилида икки жумлани эплаб қоғозга тушира олмайдиган, аммо буни тан олишни истамай, алмойи-жалмойи сценарийлар ёзиб, улар асосида яна ўзи режиссёрлик қилиб, бир пулга қиммат фильмлар ишлаётган “шоввоз”ларга нега тоқат қилиб ўтиришимиз керак?
Шу маънода бадиий ижод сирларидан – озроқ бўлса-да – хабардор одам сифатида сценарий ёзишга ҳаққим бор деб ҳисоблайман. Ҳамкорлик жараёнида Ж.Қосимовдан кўп нарсаларни ўргандим, бунинг учун у кишига минг раҳмат.
Таржимадан қўлим бир оз бўшаса, бу ишга қайтиш ниятим бор.
Ижодкор кўп қиррали бўлгани яхшими, ёмонми?
Кўп қиррали бўлиш ўз ҳолича яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Ҳамма гап қилаётган ишингни қай даражада эплай олишингда. Олимлик билан бадиий ижодни омухта қила олган қанчадан-қанча ижодкорларни биламиз. Навоий ҳазратлари буюк шоир бўлиши баробарида йирик тилшунос олим ва тазкиранавис ҳам бўлган. Ёки Огаҳийнинг форсийдан қилган таржималарини эсланг. Замонавий адабиётда ҳам бунга мисоллар кўп.
Ижодкорнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак?
Ижодкорнинг асосий вазифаси замону зулмга маддоҳлик қилмаслик, тама илинжида асар ёзмасликдир. Америкалик ёзувчи Эдвард Пол Эбби (1927 – 1989), “Ватанпарвар киши ватанини ҳукуматдан ҳимоя қилишга тайёр туриши керак”, деб ёзган эди. Албатта, гап бу ерда мавжуд қонунларга, уларга риоя этилишини таъминлайдиган ҳокимият тизимига бўйсунмаслик ҳақида эмас, ҳақиқатни айта олиш, конструктив танқид ҳақида кетяпти.
Биз кўпинча Ватанга ниҳоятда тор тушунча сифатида қараймиз. Бундай ёндашув бир қўшиқчи шоирнинг совет замонида Московга бориб, “биз ўзбеклар образ-побразни тушунмаймиз, прямо ёзамиз", деган гапидан фарқ қилмайди. Бу ҳам етмагандай, баъзан адабий нашрларга,  мустақиллик ёки Наврўз байрамига, Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб шеър ёзинг, деган буюртма бериб турилади. Оқибатда ҳукуматнинг қарорига қараб, пьеса ёки шеър ёзадиган ижодкорлар тоифаси пайдо бўлди. Муҳими – шакл, муҳими, бу – санаш, ҳисоботларга тиркаш учун қулай. Лекин баъзан кимларнидир қарғашга айланиб кетаётган, катта саҳналарда буюртма билан айтилаётган қўшиқларни бирор шинаванда хиргойи қилиб юрганини эшитганмисиз? Умуман, ҳадеб “ватан”лайвериш ўзини қанчалик оқлайди, тингловчи унга қанчалик эргашади? Бу унинг ғашига тегмайдими?
Сиз таржима қилган “Сарой жавоҳири” сериали томошабинлар юрагидан жой олди. “Америка ҳикоялари” китобида ҳам бир неча ҳикояни таржимангизда ўқидик. Ўзбек китобхонини дунё шеъриятининг нодир намуналаридан баҳраманд этиш имкониятингиз бор. Нега шеърий таржималар қилмайсиз?
Кейинги 10-15 йил ичида фақат бошқа турдаги таржима билан банд бўлиб қолаётганим учун бадиий таржимага қўлим тегмаяпти. Лекин шунга қарамай, яқинда рус адабиётшунос олими Михаил Эпштейннинг “Юксак поэзия ва алподам” мақоласини таржима қилиб, “Жаҳон адабиёти” журналига бердим – чиқиб қолса керак. Ўша мақолада эпланган ҳар бир нарса поэзиядир, деган фикр илгари сурилади. Мақола мантиғидан келиб чиқилса, ёзга сценарийингу техник таржиманг ёки Пуанкаре теоремасини исботлашинг ҳам қайсидир маънода поэзиядир.
Бадиий таржима билан жиддий шуғулланиш ниятим бор. Ҳеч нарса ижодкорга таржимачалик кўп нарса, сабоқ бермайди. Г.Гарсиа Маркес, таржима – ўқишнинг энг теран усули, деб бекорга айтмаган.
Сиз жуда самимий, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўз қатъий принципига эга инсонсиз. Бу яхши, албатта. Лекин негадир ҳаёт илмилиқликни, бошқача айтганда, меъёрни яхши кўради. Ўта самимийлик оёғингиздан чалмайдими?
Киноянгизни тушундим. Тўғри, ҳаёт оқ ёки қора эмас, ўрта ранглардан иборат, деган гап бор. Инсоний муносабатларда бировнинг дилини оғритмаслик учун қаттиқ гапирмаслик маъносида уни қабул қилса бўлади. Лекин у барибир – ҳеч кимга ёмон гапирмай қулай яшашга ўрганиб қолган конформист одамнинг ақидаси.  Ҳаёт ҳақида ўз қарашлари, принципларига эга бўлган ижодкор оқим бўйлаб сузмаслиги керак. Толстойнинг ҳатто диннинг қотиб қолган, схоластик қарашларига қарши исёнини эсланг. Ижодкор қандай қилиб ўзи кўриб, билиб турган бемаъни нарсалар билан муроса қилиши мумкин?
Тўғрисўзлик ҳар кимга ҳам ёқмайди, лекин иллатларни кўриб кўрмасликка олиб яшаш қанчалик тўғри? Ҳаммамиз ҳам фарзандларимизга, тўғри гапир, тўғри юр, деб ўргатамиз. Лекин қуруқ гапириш билан иш битганида баримиз фаришта бўлиб кетар эдик. Улар тарбиясига ҳеч нарса гапираётган гапимизга ўзимиз риоя қилмаётганимизчалик салбий таъсир кўрсатмайди.
Адабиёт иккиюзламачиликни  мутлақо кечирмайди.
Ўн йил олдинги Фахриёр билан бугунгиси ўртасида фарқ борми?
Албатта, фарқ бор. Вақт ўтган сайин тажриба ортиб, ёшлиқда йўл қўйилган хатоларни англайсан, ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлайсан. Бу – табиий. Вақт ўтиши билан қўлимдан келадиган, энг муҳими, истаган нарсаларимни у ёки бу нарса баҳона бўлиб, ёза олмаётганим учун афсусларим ортди. Ўн йил бошқа нарсаларга ем бўлиб кетди: китобларим ёзилмай қолди. Мана шуниси ёмон.
– "Мен 60 ёшли гудакман", деган эди раҳматли мусаввиримиз Рўзи Чориев. Вақт ўтган сайин ёшликда йўл қўйилган хатоларни англаш, ҳаётга бошқача кўз билан қарашдай табиий жараён ижодкор учун топишми ёки йўқотиш? Қайсидир маънода улуғ ёшнинг ақли билан ёшликдаги айрим хатоларни такрорлашга журъат топа олмаслик, ҳаётни аввалгидек сирли, мўъжизали кўра билмаслик оғриқли ҳолат эмасми?
Вақт ўтиши билан юракнинг ҳовури пасая бориши бор гап. Лекин йўл қўйилган хатоларни англай бориш оқибатида юзага келадиган пушаймонга тўла кечинмалар – изтироб ёзилажак асарлар учун яхши хамиртуруш бўлиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак.
Адабиётимиз изтиробдан, қалбни тозартирадиган мунгдан узоқлашиб қолгандай. Миллатнинг дардини ифода қиладиган буюк изтироб етишмаётгандай. Эҳтимол, аксарият ижодкорлар ёшлик хатоларини англашни, кўнглидаги гапларни айта олмасликни йўқотиш деб англаётгани учун ҳам ўша изтиробни шеър ёки роман қилиш ўрнига ичкилик билан ювиб ташлашга уринаётгандир.
Агар саволингизнинг иккинчи қисмида ижодкорларда вақт ўтиши билан журъатнинг сўна боришини айтаётган бўлсангиз, бунга бир мисол келтирмоқчи эдим: америкалик ёзувчи ва шоир Эдвард О'Брайендан сўнг узоқ йиллар АҚШдаги ёзувчиларнинг энг яхши ҳикояларини топиб, тўплам ҳолида чоп этиб юрган Марта Фолей 20-асрнинг 50-йиллари охирларига келиб, Америка адабиётига кириб кела бошлаган консерватизмга қуйидагича  норозилик билдирган эди: “Етакчи мутафаккирлари фақат яшил чироқ ёнганда йўлни кесиб ўтадиган мамлакатда уч-тўрт нафар қизил чироқни писанд қилмайдиган пиёда бўлса яхши эди”. Афсуски, бизда ҳам умрини яшил чироқни кутиб, сарфлаб қўяётган ижодкорлар кўп.
Нималарни, кимларни ўқияпсиз? Бугунги адабий жараёндан кўнглингиз тўладими?
Ўқиш борасидаги қизиқишларим бошқаларга маъқул келмаслиги мумкин, чунки бу индивидуал, ҳатто айтиш мумкинки, интим ҳодиса ва фақат бадиий адабиёт билан чекланмайди. Дейлик, таниқли таржимон Нора Галнинг “Тирик ва ўлик тил”, бир вақтлар Хрушчёв билан Брежневга таржимонлик қилган Виктор Суходревнинг “Тилим менинг – дўстим менинг” ёки таржима назариясига оид китоблар ҳамманинг ҳам эътиборини тортмаслиги табиий. Бундан ташқари, тил амалиёти талабидан келиб чиқиб, Ўрхун Памуқ романлари, асли келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган, Лондонда туғилиб, АҚШда яшаётган бенгал ёзувчиси Жумпа Лаҳирийнинг ҳикоя ва қиссаларини инглизча ўқияпман. Ушбу ёзувчини менга кашф қилиб берган дўстим, шоир Баҳодир Аҳмедовга раҳмат.
Яна адабий жараённи ҳам баҳоли қудрат кузатаман. Яқинда ёзувчи Шодиқул Ҳамронинг “Исмсиз” деган қиссаси қўлёзмасини ўқиб чиқдим. Мистика билан йўғрилган бу қисса жаҳон адабиёти тажрибаларини миллий адабий тафаккур анъаналари билан синтез қилишнинг яхши намунаси бўлибди. Яқин кунларда нашр бўлиб, ўқувчиларини топишига ишонаман.
Янги-янги номлар ҳам пайдо бўлаётганини кўряпман. Вақт ўтиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари йирик асарларга айланиши ва ўқувчисини топишидан умидим бор.
Бир пайтлар адабиётга жамиятни – албатта яхши томонга – ўзгартира оладиган куч сифатида қаралар эди. Ҳозир-чи?
Миллий тафаккур тараққиётининг муайян босқичларида адабиётга қизиқиш ниҳоятда ортиб кетганини, у қайсидир маънода таъсирга эга моддий куч бўлганини кўриш мумкин. У санъатнинг бошқа турлари қатори ҳамиша инсон тафаккурига, унинг эстетик қарашлари шаклланишига таъсир этиб келган ва шундай бўлиб қолади, аммо унинг жамиятни ўзгартира оладиган даражадаги куч экани ҳақидаги гаплар, назаримда, муболағадан  бошқа нарса эмас. Буюк ёзувчи бизни, дунёни гўзаллик қутқаради, деб қанчалик ишонтиришга уринмасин, бу фикр жуда ишонгимиз келган орзулигича қолмоқда.
Афсуски, кейинги 10-15 йил ичида дунёнинг турли мамлакатларида рўй берган воқеалар инсон боласи ўтмиш хатоларидан тегишли хулоса чиқаришга қобил эмаслигини кўрсатди: тамаддуннинг олди деб қараладиган Европада фашизм, миллатчилик сингари бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олмай, камситувчи мафкуралар  қайта бош кўтармоқда. Сиёсатчилар мультикултурализм – бирор мамлакатда маданий хилма-хилликни сақлаб қолишга йўналтирилган сиёсат – ғояси Ғарб жамиятларига сингмаганидан таассуф билдиряпти.
Қонунларга амал қилинишини таъминлашга қаратилган давлат тизимлари бундай экстремистик ҳаракатларни жиловлашга қийналаётган чоғда адабиёт ёки маданиятнинг таъсири ҳақида гапириш ортиқча эмасми?
Замонавий жамият тамойиллари ҳақида сўз кетганда бир чети омма маданиятига улашиб кетган олди-қочди адабиёт маргиналлашиб, аксарият ҳолларда истеъмолчининг талаблари даражасига тушиб бораётган эрмак воситаси бўлиб қолмаяптими, деган ҳақли савол туғилади.
Бу билан маданият ва санъат, жумладан, адабиёт умуман четга чиқиб қоляпти, демоқчимисиз?
Йўқ, модернизмнинг универсал ғоялар мавжуд ва улар устувор бўлиши керак, деган қарашлари даврида ўсганимиз учун ҳам адабиётдан керагидан ортиқ нарсалар кутишга ўрганиб қолганимизни айтмоқчиман. Совет идеологияси санъатнинг бошқа турлари қаторида адабиётни ҳам тарбия гавронига айлантириб олган ва синфий кураш ғояларини омма онгига сингдириш учун ундан восита сифатида фойдаланар эди. Бугун эса бундай воситалар (ТВ, радио, газета, Интернет, мобил алоқа воситалари ва ҳк.) кўп ва мафкура адабиётнинг “бўйнига миниб олмаётгани”ни шу билан изоҳлаш мумкин. Бу албатта яхши – ижодкорга эркинлик беради. Лекин бу унинг мейнстримдан (асосий оқим деймизми, билмадим) четга чиқиб қолишига олиб келмаслиги керак.
Шу ўринда дунёга машҳур физик олим, аниқ фанларнинг толмас тарғиботчиси Сергей Капицанинг бир газетага берган интервьюсида “Маданиятни, керак бўлса, зўрлаб сингдириш керак”, деган фикрини келтиришни жоиз деб биламан. Бу адабиётга ҳам тегишли.
Адабиёт нима учун керак? У инсонга нимадир беришга мажбурми?
Адабиёт воқеликни бадиий тўқима – образлилик орқали идрок қилишга асосланган фикрлаш тарзи, инсон тафаккурини ривожлантирувчи, юксак идеалларни куйловчи ва тарғиб қилувчи восита сифатида ҳар доим керак. У инсоннинг орзу-умидларини, интилишларини ифода этувчи санъат тури ўлароқ, жамият тараққиётида ҳар доим катализатор вазифасини ўтайди. Бугунги кунда ҳаётимизга дадил кириб келаётган ахборот-коммуникация воситаларини оласизми ёки космик кемаларнинг олис сайёралар парвоз қилишини оласизми – барчаси бир замонлар фольклорда, мумтоз адабиётда ва фантастик ёзувчиларнинг асарларида ғоя сифатида кўриниш берган эди. Адабиётшунослар бугунги Ғарб жамиятнинг юксак тараққиётга эришишида модерн адабиётнинг таъсири катта бўлганини таъкидламоқда.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида қайд этмоқчиман: адабиёт мавжуд жараёнларга бевосита эмас, билвосита таъсир кўрсатади, яъни у “ойнайи жаҳон”, “учар гиламлар” ҳақида ғоя беради, уларни телевизор ёки учоққа айлантириш – бошқа аниқ фанлар вакилларининг иши.
Раҳмат.
Ойдин Нисо суҳбатлашди.
“Ёшлик” журналининг 2015 йил 3-сонидан олинди.

Et cetera
Fahriyor
fahriyor
*
У ювиб олади гуноҳларини
онасининг кўзёши билан...

*
Суяк сурар... тақдир ҳам.

*
Сўнгги япроқ каби осилиб турар
вужудда юрак –
юпун умид.

*
Кўнгил бу кеча ҳам уйда ётмади.

*
Вақт кун бўлиб,
кўзёшлар бўлиб,
қоча бошлар вужуддан,
армон эса – тузалмайдиган бемор ташхиси.

*
Худо билан менинг орамга
суқилиб туради тинмай бировлар.

*
                                          дан
Вақт айирар ҳамма нарса
                                          ни.

*
Ҳар бир айтган сўзим ўзимга
келтирган шак бўлар.
Одам қилса,
шак мени бир куни одам қилади.

*
Тушларимда учмай қўйдим сўнгги кунларда,
оёғимга тошдай осилар
гуноҳсиз кунларнинг енгил залвори.

*
Ёзилмаган шеърлар гуноҳи
қандоқ ювилар?

*
Сен аёлга беролмай қолиб
кетган бахт
юракнинг қай чеккасидадир
азоб бериб, аччиқ симиллар.

*
Армонлар зирқирар тиш оғриқдайин...

*
Ит ҳурар, карвондан дарак йўқ, аммо...

*
мойланмаган ошиқ-мошиқдай
товуш ғижирлайди
тишлар орасидан тўкилар
шовуллаб...

*
Ҳислар такрорини енгиб яшамоқ,
исм топиб бермоқ ҳар қалқинишга,
идраган дунёга шеър билан ямоқ
солмоқ машаққатин кўр талқинига
ишониб яшайди бояқиш юрак...

*
Таланган карвондай қолмади юки
Сўзнинг ҳам.

?

Log in